Назад
Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги қарорига мувофиқ, 2 сентябрь санаси мамлакатимизда Биринчи Президент Хотираси куни сифатида нишонланади.
Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, пойтахт жамоатчилиги вакиллари ҳам монумент пойига гуллар қўйишди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги жамоаси ҳам вазирнинг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов бошчилигида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти хотирасига ҳурмат бажо келтирди ҳамда Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов спортни жуда севар ҳамда спортчиларни ҳамиша қўллаб-қувватларди.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти даврида ўзбек спорти жаҳонга юз тутди. Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари каби қатор нуфузли мусобақаларда спортчиларимиз мустақил Ўзбекистон байроғи остида майдонга чиқа бошлади. Спортчиларимизнинг ёрқин ғалабалари туфайли мамлакатимиз номини бутун дунёда танишди ва эслаб қолишди.
Айниқса, 2016 йилда Рио-де-Жанейро бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида вакилларимиз 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 21-ўриндан жой олишди.
Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда йирик спорт комплекслари қурилди. “Ўзбекистон” спорт мажмуаси, “Бунёдкор” стадиони ва академияси, барча вилоятлар марказларида барпо этилган замонавий теннис кортлари, олис ҳудудларда болалар спорти мажмуаларининг қад ростлаши... Бу каби имкониятлар натижасида бугунги кунда катта захирага эга бўлинди.
Спортимизга қўйилган тамал тоши натижасида 2018 йилда Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган ёзги Осиё ўйинларида терма жамоамиз 20 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида қитъада кучли бешликдан жой олди.
02.09.2020
16:58
701