Назад
Собиқ МОҚ раҳбари Ўзбекистон Rowing&Canoe федерацияси раиси лавозимига сайланди
Бугун Ўзбекистон Rowing&Canoe федерациясининг навбатдан ташқари онлайн ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Rowing&Canoe федерацияси Ижроқўм аъзолари ва мураббийлар иштирок этди.
Тадбирда шу кунгача ушбу федерация раиси вазифасида ишлаб келган Аҳмедов Худоёр Мамажоновичнинг ўз хоҳишига кўра лавозимидан бўшаш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш, Х.Аҳмедов ўрнига янги раҳбар ва унга ўринбосарлар сайлаш, Ижроқўм таркибини қайта кўриб чиқиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Дастлаб конференцияда Х.Аҳмедовнинг ўз лавозимидан бўшаш тўғрисида ёзган аризаси кўриб чиқилди ва бир овоздан маъқулланди.
Шундан сўнг федерация раислигига Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султанов номзоди кўрсатилди. Йиғилиш иштирокчилари бир овоздан ушбу номзодни ёқлаб овоз беришди ҳамда Алишер Саидаббасович Ўзбекистон Rowing&Canoe федерацияси раиси этиб сайланди.
Маълумот учун, Султанов Алишер Саидаббасович 1967 йил 29 ноябрда туғилган. А.Султанов Ўзбекистон Энергетика вазири бўлишига қарамай фаолияти спорт билан чамбарчас боғлиқ, десак муболаға бўлмайди. Алишер Саидаббасович 2017 йилнинг январидан 2018 йилнинг январь ойига қадар, яъни роппа-роса бир йил давомида Миллий Олимпия қўмитаси президенти, кейинчалик 2018 йилнинг декабрь ойигача МОҚ вице-президенти лавозимида ишлаган. Фаолияти давомида ўзбек футболига, хусусан аёллар футболини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. Қолаверса, маълум муддат Ўзбекистон шахмат федерациясини ҳам бошқарган. Узоқ йиллар давомида «Ўзбекнефтгаз» бошқарувида фаолият олиб борган. «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби.
«Алишер Султанов билан вақтида самарали фаолият олиб борганмиз. 2017 йил Ашхободда ўтган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари, ўша йили Бокуда ўтказилган Ислом бирдамлиги ўйинларида делегациямизга бошчилик қилган ва мамлакатимиз ушбу мусобақаларда юқори натижаларга эришган эди. Ишонаманки, Алишер Саидаббасович мазкур федерация бошқаруви учун муносиб номзод», – деди МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов.
Шунингдек, онлайн ҳисобот-сайлов конференциясида Қурбонов Шуҳрат Тўраевич номзоди федерация раҳбарининг ўринбосари лавозимига бир овоздан маъқулланди.
Шундан сўнг федерация Ижроия қўмитаси ва президиумига кирувчи расмийлар таркибини шакллантириш каби масалалар кўриб чиқилди.
05.09.2020
15:00
764