Назад
Қорақалпоқ спорти: бир ҳудудда икки хил манзара
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ходимларидан иборат Ишчи гуруҳ кеча Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний, Элликқалъа ҳамда Тўрткўл туманларидаги ҳолатни ўрганди.
Таъкидлаш керак, мазкур ҳудудлардаги спорт мажмуаларининг ҳолати бошқа туманлар билан солиштирганда анча яхши. Хусусан, Тўрткўл туманида табиий майсали, майдонининг ўлчами бўйича Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан ташкил этиладиган ҳар қандай мусобақани қабул қила оладиган стадион мавжуд.
Тўрткўл туман болалар-ўсмирлар спорт мактабида бугунги кунга келиб спортнинг 15 тури бўйича секциялар фаолияти йўлга қўйилган. Жами 88та гуруҳда 1 216 нафар ёшлар спорт билан шуғулланиб келишмоқда ва уларнинг 221 нафарини қизлар ташкил қилади. Уларга 34 нафар тренер сабоқ бериб келмоқда. Тренерларнинг 10 нафари олий, 7 нафари тугалланмаган олий ҳамда 17 нафари эса ўрта-махсус маълумотга эга.
Туман БЎСМ тасарруфидаги стадион ўз бағрига 15 минг томошабинни сиғдира олади. Майдоннинг ўлчами 104х69 бўлиб, таъкидлаганимиздек бу ерда бемалол Ўзбекистон 1-лига, Про-лига, ҳаттоки суперлига ўйинларини ҳам ўтказиш мумкин. Эътиборлиси, БЎСМ раҳбарияти меҳнат жамоасига ёш, изланувчан тренерларни жалб этиб келмоқда. Шундайлардан бири мамлакат ёшлар терма жамоаси таркибида Жаҳон чемпионатида иштирок этган моҳир футболчи Ғулом Ўруновдир. Жароҳатлар боис фаолиятини эрта якунлаган Ғулом энди ўз билим ва кўникмаларини маҳаллий ёшларга ўргатади.
Элликқалъа туманида ҳам вазият анча яхши. Туман болалар-ўсмирлар спорт мактабига кириб келишингиз билан ўзбек ва қорақалпоқ спортчилари эришган ёрқин ғалабалар акс этган музейга дуч келасиз. Бунинг ўзига хос жиҳати, бу ерга кириб келаётган ёшлар қалбида спортимиз ифтихорларига ҳавас пайдо бўлади. Бу ҳавас эса уларни жаҳон ареналари, қолаверса Олимп чўққиси сари етаклашига асло шубҳа йўқ.
Туман БЎСМда 15та спорт тури мавжуд бўлиб, шуғулланувчиларнинг умумий сони 1 092 нафарни ташкил қилади. Шундан 288 нафари қизлардир.
БЎСМда 30 нафар тренер фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 14 нафари олий, 6 нафари тугалланмаган олий ҳамда 10 нафари ўрта-махсус маълумотга эга.
Муассасада 2та спорт зал (12х24 ва 12х12 ўлчамли), 12х25 ўлчамдаги сузиш ҳавзаси, 20 минг томошабинга мўлжалланган 104х69 ўлчамдаги футбол стадиони, теннис корти ҳамда учта мослаштирилган спорт заллари мавжуд.
Элликқалъа туманида 153 минг аҳоли истиқомат қилади. Туман 36та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинидан ташкил топган. Аммо, тарғибот ишлари яхши бўлмаганми ёки бошқа сабабми, хулласи «Футболимиз келажаги» ҳамда «Маҳаллада футбол» мусобақаларига тумандаги атиги 14та МФЙ ва ОФЙ жамоалари қатнашди.
Беруний туман болалар-ўсмирлар спорт мактабида ҳам ишлар яхши йўлга қўйилган. Айниқса, сузиш ҳавзасидаги ҳолат киши кўзини қувонтиради. Гарчи, ўлчами халқаро талабларга жавоб бермасада (12х25 метр), яратилган шароитлар борасида бу бассейн Қорақалпоғистон Республикасида олдинги ўринларда туради. Шу сабабли 15 сентябрдан бошлаб бу мажмуада сузиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоаси ўқув-машғулотлар йиғини ташкил этишни режалаштирган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, спортга берилаётган эътибор, спорт жиҳозлари билан таъминланиш жиҳатидан Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманлари Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа ҳудудларидан ажралиб тургани йўқ, уларда ҳам муаммолар йўқ эмас. Аммо ушбу туманларда спорт мутасаддиларининг ўз ишига масъулият билан ёндашуви, ўз касбини севиши натижасида мазкур ҳудудларда аҳоли, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ҳолати анча яхши ва шунга яраша натижалар ҳам қўлга киритилмоқда. Қанийди, бошқа ҳудудлардаги спорт мутасаддилари ҳам ўз ишига сидқидилдан ёндашса, шубҳа йўқки натижаларимиз салмоғи ортарди.
11.09.2020
15:29
704