Назад
Хива спортининг бугунига назар
Паҳлавон Маҳмуддек кураги ерга тегмаган полвон туғилиб ўсган юрт Хивада спортга эътибор ҳамиша юқори бўлган. Шунинг учун бўлса керак, бу заминдан барча замонларда машҳур спортчилар етишиб чиққан. Бунга айни пайтда ўзбек бокс мактаби довруғини юқори кўтариб келаётган Исроил Мадримов, оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Фарҳод Собиров ҳамда бошқа кўплаб номдор спортчиларни мисол келтириш мумкин.
Бироқ, айни пайтда Хива туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўз спорт иншооти ҳамда биносига эга эмас. Шунга қарамай спорт мактаби маъмурияти вазиятдан келиб чиққан ҳолда Хива шаҳар «Дўстлик» маҳалласи ҳудудида “Grand Abdumalik” масъулияти чекланган жамият томонидан янгидан барпо этилган хусусий спорт мажмуада самарали фаолият олиб бормоқда.
БЎСМда бугунги кунда 15та спорт тури бўйича 967 нафар ўғил-қиз мунтазам спорт билан шуғулланиб келмоқда. Шундан 57 нафарини спортчи қизлар ташкил қилади.
2018-2019 йилларда Хива туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби спортчи ёшлари Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этишди. Жумладан, мамлакат чемпионатларида хивалик спортчилар жами 174та медалга сазовор бўлишди. Шундан 51та олтин, 49та кумуш, 74та бронза медалидир. Қолаверса, Осиё чемпионатларида жами 15та (2та олтин, 5та кумуш, 8та бронза) ҳамда жаҳон чемпионатларида эса 5та (2та олтин, 1та кумуш, 2та бронза) медаль қўлга киритилди.
Хива шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактабида эса 15та спорт туридан 1 147 нафар спортчига 36 нафар тренер-ўқитувчи сабоқ бериб келмоқда. Шундан 225 нафарини қизлар ташкил қилади. Тренер-ўқитувчиларнинг 11 нафари олий, 8 нафари тугалланмаган олий, 14 нафари эса ўрта-махсус маълумотга эга. Яна уч нафар тренер ўриндошлик асосида фаолият олиб боради.
Хива шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактаби балансида 3та спорт иншооти мавжуд. Булар – болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари томонидан қурилган 2та ТИП-2 (ўлчами 36*18) спорт иншооти ҳамда Хива шаҳар «Янги турмуш» МФЙ ҳудудида жойлашган битта мослаштирилган спорт биносидир. Шунингдек, спорт мактабида футбол, мини-футбол ва баскетбол майдонлари, теннис корти мавжуд.
2019-2020 йиллар давомида Хива шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўқувчилари Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида 26та олтин, 44та кумуш, 50та бронза медалини қўлга киритишди. Шунингдек, Осиё ва жаҳон чемпионати ва Халқаро мусобақаларда битта олтин, 4та кумуш, 2та бронза медалига сазовор бўлишган.
Хива шаҳридаги «Паҳлавон авлод» спорт мактабида 5та спорт туридан 5 нафар тренер қўл остида 180 нафар ўқувчи ёшлар (шундан 42 нафарини қизлар ташкил қилади) мунтазам спорт билан шуғулланиб келишмоқда. Тренерларнинг 2 нафари олий, 3 нафари ўрта-махсус маълумотга эга.
«Паҳлавон авлод» спорт мактабининг қурилишига жами 600 миллион сўм маблағ сарфланган бўлиб, шундан 300 миллион сўми давлат кредити, қолган 300 миллион сўми эса тадбиркорнинг ўз ҳисобидан сарф қилинган.
«Паҳлавон авлод» спорт мактаби балансида битта спорт иншооти мавжуд бўлиб, спорт залнинг ўлчами 25х12 м.ни ташкил қилади. Спорт мактабида баскетбол, футбол, мини футбол, волейбол ҳамда бадминтон майдонлари мавжуд.
2019-2020 йиллар давомида «Паҳлавон авлод» спорт мактаби шуғулланувчилари бир қанча Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида қатнашиб, 2тадан олтин ва кумуш, 4та бронза медалини қўлга киритишган.
Дарвоқе, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ишчи гуруҳи аъзолари ушбу ҳудудда бўлишганида, ЎФА томонидан Хоразм вилоятида болалар футболини ривожлантириш учун ажратилган коптокларни сўнгги йилларда соҳада самарали фаолият кўрсатаётган тренерларга улашди. Бу эса воҳадан янада иқтидорли ёшлар етишиб чиқишига хизмат қилади.
15.09.2020
17:10
865