Назад
Фахрий спортчи ёшларга мастер-класс ўтди
Сурхондарё – полвонлар юрти. Бежиз бу заминдан кўплаб кураги ерга тегмаган паҳлавонлар етишиб чиқмаган. Шундай забардаст полвонлардан бири халқаро тоифадаги спорт устаси Рустам Эргашевдир.
Ўзбекистон истиқлолга эришган дастлабки йилларда, ўзбек кураши аста-секин дунёга юз тутаётган пайтларда Рустам полвоннинг довруғи тилларда достон бўлган. Аммо, бугунги ёш авлод Рустам Эргашевни деярли танимайди, билмайди.
Куни кеча Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби маъмурияти фахрий спортчини спорт таълим муассасасининг дзюдо секциясига жалб қилди ва ёшлар учун маҳорат сабоқлари ташкил этди.
Учрашувда Рустам Эргашев бугунги ёшларга яратилган шароитлар ҳақида гапириб, уларга яхши маънода ҳавас қилишини таъкидлади. Сўнгра ёш полвонлар учун мастер-класс ўтиб берди ва ўзининг бой тажрибасини издошлари билан бўлишди.
Маълумот учун: Рустам Эргашев – Эронда ўтказилган Осиё кубоги соҳиби, шунингдек Президент соврини учун ўтказилган Ал-Ҳаким Ат-Термизий халқаро турнирининг ғолиби саналади.
20.09.2020
15:44
850