Назад
Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши кутилмоқда
Олдинроқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши кутилмоқда.
Ушбу жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 100 миллиард сўм миқдорида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади. Шунингдек:
• Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги муассислик қиладиган корхоналар ихтиёрида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойда;
• Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги муассаса ва ташкилотлар фаолиятини текшириш натижалари бўйича аниқланган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалар даромадига ундирилган ноқонуний сарфланган бюджет маблағларининг, талон-торож, растраталар, камомадлар суммаларининг 50 фоизи;
• ер майдонларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фойдаланишга ёки ижарага беришдан тушган маблағларнинг 25 фоизи;
• ер майдонларни электрон онлайн аукцион орқали сотувга қўйишдан тушган маблағларнинг 100 фоизи;
• электрон онлайн аукцион орқали сотилган ер майдонларидан келгусида фойдаланишдан олинган даромад солиқларининг 100 фоизи;
• Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
• халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;
• қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.
Қарор лойиҳасида жамғарма маблағларидан бир қатор мақсадларда фойдаланилиши кўзда тутилган. Унга кўра:
• Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги спорт иншоотларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, шу жумладан ичимлик ва оқова сув тизими, электр тармоғи инфратузилмаларини яхшилаш;
• замонавий спорт иншоотларини лойиҳалаштириш ва консалтинг компаниялари, маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамда бошқарувчи компаниялар хизматлари учун ҳақ тўлаш;
• Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар балансидаги бино ва иншоотларни сақлаш, улардан фойдаланиш, уларни қуриш ва таъмирлаш, зарур анжомлар, шу жумладан мебель, алоқа, компьютерлар ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича харажатларни молиялаштириш;
• Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
• Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги фаолиятини такомиллаштиришга бошқа харажатларни қоплаш белгилаб қўйилди.
Маълумот учун, қарор лойиҳаси жорий йилнинг 8 октябрига қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади.
23.09.2020
16:41
667