Назад
Учинчи уйғониш даврининг дзюдодаги акси
Учинчи уйғониш даврининг дзюдодаги акси
Ўзи чиройли рақам сифатида кўринса-да, 2020 йил инсоният тарихига эсга олмасликка ҳаракат қилинадиган воқейликлар сифатида муҳрланиб бормоқда.
Аср вабоси сифатида таъриф берилаётган коронавирус пандемияси ҳамма нарсани ўзгартириб юборди, барча соҳаларга ўзининг салбий таъсирини ўтказди. Касаллик минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлди. Бутун дунёда бўлгани каби юртдошларимиз ҳам синовли кунларни бошдан ўтказмоқдалар. Курраи заминимиз мусулмонлари, ота-оналаримиз, илтижолари мустажоб нуронийларимиз туну кун дуо қилишяпти, насиб қилса, бу кунлар ҳам албатта, ўтиб кетади. Аҳир, айтишади-ку, ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ деб.
Айнан мана шу синовли даврда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани ҳақида гапирган эди. Табиийки, бу ўзгаришлардан спорт, хусусан дзюдо ҳам четда қолмайди. Биз айни мавзу юзасидан Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси ўринбосари Шоатҳам Исроиловдан интервью олдик.
- Президентимиз Мустақиллигимизнинг 29 йиллик тантаналарига бағишланган нутқида "Ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлишини таъкидлаган эди", - дея сўз бошлади Ш.Исроилов. - Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз. Шу нуқтайи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади. Таъкидлаганидек, коронавирус барча соҳалар, жумладан спортга ҳам салбий томондан таъсир ўтказди. Барча катта-кичик мусобақалар тўхтатилди, бутун бошли Олимпиада бир йилга кечиктирилди. Спортчилар бир неча ой уй шароитида машғулот ўтказишга мажбур бўлди. Мана секин-аста катта спорт яна аввалги ҳолатига қайтди. 23 октябрь куни халқаро дзюдо рестартига гувоҳ бўламиз. 23-25 октябрь кунлари Венгрия пойтахти Будапешт "Катта Дубулға" туркумига кирувчи турнирга мезбонлик қилади. Бу мусобақада 10 нафар дзюдочимиз ҳам иштирок этади. Тўғри, режалар ўзгариб кетди, лекин мақсад олийлигича қолмоқда. Балки, Токио-2020 Олимпиадасининг бир йилга кечиктирилгани ўзбекистонлик спортчилар, хусусан дзюдочиларнинг фойдасигадир. Терма жамоамизнинг аксарият ёш дзюдочилари том маънода пишиб боришяпти. Бу йилдан халқаро майдондаги натижаларимиз яна ижобий кўриниш ола бошлади. Фикримизга февраль ойида Дюссельдорф ва Париждаги "Катта Дубулға" турнирида эришилган муваффақиятлар исбот бўла олади. Парижда Шарофиддин Болтабоев (-81 кг) кумуш, Ҳикматуллоҳ Тўраев (-73 кг) бронза, Дюссельдорфда эса Давлат Бобонов (-90 кг) ҳамда Муҳаммадкарим Ҳуррамов (-100 кг) мусобақанинг олтин медаллари ва шу билан бирга 1000 рейтинг очкосини қўлга киритишди. Бу натижалар ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Грециялик афсонавий дзюдочи, Олимпиада чемпиони ва совриндори Илиас Илиадис бошчилигидаги мураббийларимиз, уларга шароит яратиб бераётган федерациямиз раҳбариятининг меҳнати кўрина бошлади. Тан олиш керак, сўнгги йилларда терма жамоамизда -90 ва -100 кг вазн тоифаларидаги натижаларимиз пасайиб кетганди. Илиадис ёш дзюдочиларимиз Муҳаммадкарим Хуррамов ва Давлат Бобоновга мотивация бера олди. Бугунги кунга келиб эркаклар терма жамоамизнинг барча вазн тоифасидаги аъзолари Олимпиадага бериладиган йўлланмалар зонасида турибди.
Ўзбекистон дзюдо федерациясининг пандемия пайтидаги энг катта вазифаси спортчиларимизни коронавирус исканжасига туширмасдан олиб чиқиш эди. Бунинг учун астойдил ҳаракат қилинди. Терма жамоамиз аъзолари аввалига ўз уйларида бўлишди. Кейин федерация қошидаги базада марказлашган ҳолда машғулотларни ўтказишди. Коронавирус авжига чиққан бир пайтда икки ҳафта давомида тоғли ҳудудда қатъий карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда енгил, тикланувчи машқлар билан машғул бўлинди. Терма жамоанинг ҳар бир аъзоси мураббий ҳамда шифокорнинг доимий назоратида бўлади.
Шу ўринда бир нарсани алоҳида айтиб ўтиш керак, Ўзбекистон дзюдо федерацияси бир неча йиллик дастур асосида иш олиб боряпти. Асосий эътибор Париж-2024 Олимпиадаси ҳамда навбатдаги ўсмирлар олимпия ўйинларга қаратилган. Бу Токио Олимпиадаси иккинчи даражада дегани эмас. Шунчаки, ҳозирги дастур бир йиллик эмас. Режа бўйича ислоҳотлар амалга ошириб борилади. Терма жамоанинг эртанги куни бўлган ёшларга эътибор қаратилмоқда. IJF лойиҳаларидан бўлган "Дзюдо мактабларда" дастури бўйича сезиларли ишлар амалга ошириляпти. Халқаро тоифадаги ҳакамларни тайёрлаш, мураббийларнинг малакасини ошириш, нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилиш, жаҳоннинг кўзга кўринган спорт ташкилотлари, дзюдоси ривожланган давлатларнинг федерациялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш каби бир қатор масалалар ушбу дастурдан ўрин олган.
Шу ўринда сўнгги 3-4 йилдаги ютуқларимиз ҳақида гапирмай иложимиз йўқ. Пойтахтимизда бунёд этилган кўп тармоқли "Ҳумо Арена" саройида илк бор ўтказилган халқаро мусобақа айнан дзюдо спорт туридан бўлди. Етти йилдан бери Тошкент мезбонлигида ўтказиб келинаётган Гран-При туркумига кирувчи турнир муҳташам "Ҳумо Арена"да ташкил этилди. Мусобақа юқори савияда ўтказилганини юртимизга ташриф буюрган халқаро экспертлар, хусусан Халқаро дзюдо федерацияси президенти жаноб Мариус Визер ҳам алоҳида эътироф этганди. Бу эътироф шунчаки оғизда қолиб кетмаган эди. Халқаро дзюдо федерацияси пойтахтимизга Жаҳон чемпионати мезбонлигини ишониб топширганди. Насиб қилса, 2021 йилда дунёнинг энг кучли полвонлари жам бўладиган жаҳон чемпионатини ҳам юқори савияда ўтказамиз.
Бу ютуқлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Президентимиз айтганларидек, бу учинчи ренесанс даврининг маҳсулидир.
16.10.2020
11:09
769