Назад
“Olympic Day”: Спортимиз юлдузлари ва санъатимиз дарғалари иштирокида онлайн-мулоқот
“Olympic Day”: Спортимиз юлдузлари ва санъатимиз дарғалари иштирокида онлайн-мулоқот
Хабар берганимиздек, 23 июнь куни бутун дунёда Халқаро Олимпия куни нишонланади.
Халқаро Олимпия қўмитаси ташкил топган ушбу сана бу йил коронавирус пандемияси сабаб ўзгача тарзда ўтказиляпти. Халқаро олимпия қўмитаси қарорига кўра, барча мамлакатлар ушбу байрамни 23 июнь куни арафасида нишонлашлари мумкинлиги белгиланган.
Жумладан, Ўзбекистонда ҳам Олимпия куни нишонланяпти. Бундан бир неча дақиқа аввал Zoom дастури орқали онлайн-мулоқот тарзида ана шундай тадбирлардан бири бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг машҳур спортчилари, спортимиз мутасаддилари ҳамда санъатимиз дарғалари иштирок этишди.
Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ Фахрийлар кенгаши раиси Комилжон Худойберганов видео онлайн-мулоқотда юртимизнинг барча спортчиларини Олимпия куни билан муборакбод этишди.
Спортчилар номидан Оксана Чусовитина, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Екатерина Хилко, Ҳусниддин Норбеков, Муроджон Аҳмадалиев сўз олиб, байрам муносабати билан ўз фикрларини билдиришди.
Видео онлайн-мулоқотда санъаткорларимиздан Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиев, Фаррух Зокиров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Самандар Ҳамроқулов иштирок этди. Эркин Комилов спортчиларимизга бўлажак Олимпиадада юқори чўққиларни забт этишга тилак билдирди.
Ушбу тадбир сўнггида қатнашчиларга Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах йўллаган табрик намойиш этилди.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси номидан Шарофиддин Лутфуллаев ва Диёрбек Ўразбоев байрам муносабати билан ташкил этилган онлайн-мулоқот иштирокчилари бўлишди.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати
20.06.2020
08:07
1088